Ш.Мирзиёев: "Хоразм Маъмун академияси кадрлар тайёрлаш бўйича маскан бўлиши керак"

Ўзбекистон 29 Январь 2017 7509

Маълумки кўҳна диёримиз дунё цивилизациясининг бешикларидан бири сифатида жаҳонда донг таратган. Юртимизда бунёд этилган илм-фан ва маърифат масканларида не-не буюк мутафаккир ва алломалар оламшумул кашфиётлар қилишган. 

Хива шаҳридаги 1000 йилдан зиёд бой тарихга эга Хоразм Маъмун академияси ана шундай илм даргоҳларидан биридир. У 1997 йил Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қайта ташкил этилган. 

Бугунги кунда Хоразм Маъмун академиясида қадимий давлатчилик тарихи, бетакрор цивилизация ва маданиятни ўрганиш, меъморий ёдгорликларни биологик, физик ва бошқа турли салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш, экологик ҳолат бўйича мунтазам илмий кузатишлар олиб бориш, уни яхшилашга қаратилган тавсия ва ишланмалар яратиш, ер, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ўсимликларини иқлимлаштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. 

Ўтган давр мобайнида мазкур илм даргоҳида кўп ишлар амалга оширилди, лекин бугунги куннинг ўткир талаблари академия фаолиятини такомиллаштириш, илмий кадрлар салоҳиятини ошириш, изланишларнинг мавзу доираси ва самарадорлигини, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. 

Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи давомида Маъмун академиясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан илмий лабараторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, мазкур илм даргоҳи учун юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, юртимиздаги академик ва профессор, етакчи олимларни бу ерга жалб этииш учун шарт-шароит яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратди. 

"Бу академияда миллатимиз тарихини қанча ташвиқот қилсак, арзийди. Бундай тарих дунёда йўқ. Маданиятимиз, ҳақиқий илмий салоҳиятимизни элга, дунёга тараннум қила олмаяпмиз. Маъмун академияси кадрлар тайёрлаш бўйича маскан бўлиши керак. Ичан қалъага кеган одам бу ерга келиши шарт. Хоразмга келган сайёҳ тарихимизни билиб кетиши керак. 

Мелиорацияни олайлик, Хоразм деҳқончилигидаги суғориш усулига европаликлар қойил қолган. Бу академияга катта куч, қудрат бериш лозим - дунё тан олиши керак. Корея, Япония, Америка ёки Европа давлатларининг катта акдемиклари келсин, бу ердагилар у ерга борсин. 2-3 йиллик дастур тузинглар. Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич бекорга бизга бундай тарих ташлаб кетганлари йўқ. Барча университетлар домлалари график бўйича бу ерга келиб, бир ҳафтадан ўқиб кетсин", - деди давлатимиз раҳбари. 

Кўпроқ янгиликлар