Маълумки, Ўзбекистон туризм соҳасида катта салоҳиятга эга. Ўтган йилнинг ўзида 2 миллиондан зиёд хорижий сайёҳлар юртимизга ташриф буюрди. Жаҳон сайёҳларининг тарихий обидаларимиз, урф-одат ва анъаналаримизга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Хоразм вилояти айни шу соҳада катта имконият ва салоҳиятга эга эканлиги билан ажралиб туради. Кўҳна Ичан-қалъа мажмуасида Хоразм вилоятининг туризм соҳасини ривожлантириш дастурининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур тақдимотнинг Ичан-қалъада ўтказилиши рамзий маънога эга. 

2520 йиллик тарихга эга ушбу мажмуа очиқ осмон остидаги музей номини олган. Мазкур ҳудуддаги кўплаб меъморий ва тарихий ёдгорликлар нуфузли халқаро ташкилот ЮНЕСКОнинг мероси рўйхатига киритилган. Мажмуада 8000дан зиёд музей экспонатлари бор. Йилига ўртача 1 миллиондан ортиқ сайёҳ бу ерга ташриф буюради. 

Хорижий сайёҳларнинг юртимизга келиб-кетиши билан боғлиқ виза тартиблари соддалаштирилди. Туризм соҳасидаги мутахассислар билан суҳбат чоғида сайёҳлик, мамлакатимиз валюта тушумларини кўпайтиришнинг муҳим манбаи бўлиши билан бирга, энг асосийси, юзлаб янги иш ўринларини очиш имконини беради, деди давлатимиз раҳбари. 

"Туризмни ривожлантириш бўйича тадбиркорларни 5 йилга ҳамма солиқлардан озод қиламиз, беш йилда оёққа туриб оламиз, агар чин дилдан ҳаракат қилсак. Бу ерда газ, сувлар, канализация, электр энергия, йўллар - ҳаммасини жой-жойига тушириб олсак, поезд келадиган бўлса, ҳамма масала ҳал бўлади. 4-5 кўча қилишимиз керак - бир ерда Хоразм маданияти, бир ерда урф-одати, яна бир ерда дутори, лазгисини ўргатиш йўлга қўйилса. 

Испанияни олинг - туризмдан неча миллиард доллар ишлайди. Уларда методика, домлалар бор, пул тўлаймиз, - Урганчнинг бир коллежини Испания коллежи туризмига сентябрдан бошлаб ўқишни бошлаш керак, бу ерда қўшма корхонасини ташкил қиласизлар. Ҳар чоракда 10 нафардан мутахассис олиб келиб (Туркия, Испаниядан), ўқиш ўргатиш керак, Урганч университети қошида курс очиш керак", - деди давлат раҳбари.