Alphabet холдинги таркибига кирувчи Американинг Google интернет-компанияси АҚШ ташқарисида бўлган ходимларини тезроқ мамлакатга қайтиб келишга чақирди. Бу ҳақда BBC манбаларга таянган ҳолда хабар берди. Компания улар давлат раҳбари Дональд Трамп томонидан жума куни имзоланган фармон кучга киргунга қадар қайтиб келишга улгурмасликларидан хавотирда. Фармон АҚШга муҳожирлар киришини чеклайди.

Компания расмий вакиллари бу борадаги хабарга изоҳ беришмади. Президент фармони туфайли Google’нинг камида 187 нафар ходими жабр кўриши мумкин, деб ёзади The Wall Street Journal.

"Биз бу фармондан ҳамда Google ходимлари ва улар оила аъзоларига ноқулайлик туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан ташвишдамиз. У АҚШга хорижлик истеъдодли мутахассислар келишига тўсиқлар қўйиши мумкин", - дея маълум қилган компания ижрочи директори Сундара Пичаи ўз мактубида. Мактуб нусхаси The Wall Street Journal’да борлиги айтилган.

Кўплаб технология компаниялари мамлакатга муҳожирлар келишига қўйилган чекловларни юмшатишга чақирди.

Трамп жума куни АҚШда қочқинларни қабул қилиш дастурини музлатиб қўйди, шунингдек мамлакатга Эрон, Ироқ, Яман, Ливия, Сурия, Сомали ва Судан фуқаролари кириб келишига чекловлар қўйди. Бу чекловлар ушбу мамлакатлардан бўлган фуқароларга, уларда ҳаттоки “грин-карта” бўлса ҳам АҚШга парвоз қилаётган самолёт бортига кўтарилишга рухсат берилмасликни ҳам назарда тутиши мумкин.