Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Мельбурнда бўлиб ўтган «Улкан Тож» туркумидаги йилнинг дастлабки мусобақаси - Australian open-2017 турниридан сўнг жаҳон рейтингининг кучли юзлигидан жой олган теннисчилар орасида энг катта ўсишга эришди ва 37 поғона юқорилаб, 117-ўриндан 80-поғонага кўтарилди

Истомин турнирнинг 4-босқичига етиб бориб фақатгина жароҳати сабаб чорак финал остонасида юришини тўхтатган эди. Аммо шунга қарамасдан у дастлаб хорватиялик Иван Додигни, иккинчи босқичда жаҳоннинг иккинчи ракеткаси сербиялик Новак Жоковични, учинчи беллашувда эса испаниялик Пабло Каррено Бустани мағлуб этишга муваффақ бўлганди. Аммо 4-босқич баҳсида кутилмаганда орттириб олинган жароҳат Истоминга тўлиқ куч билан ўйнаш имконини бермади ва у болгариялик Григор Димитровга имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди. 

Australian open-2017 турниридаги иштирокидан сўнг Денис Истомин ўз ҳисобига 220 000 АҚШ долларини қўшиб қўйди. Шунингдек, у 180 рейтинг очколарига эга бўлиб, ўз ҳисобидаги очколар сонини 668тага етказди. Натижада Денис 117-ўриндан 80-поғонага кўтарилди.

Бу мавсум давомида Денис Истомин жароҳатидан қутулса, «Улкан тож» туркумидаги навбатдаги турнирлар бўлмиш Roland Garros, Wimbledon ва US Open  мусобақаларида ҳам иштирок этиши мумкин бўлади.