Ҳакамлар яна «Барселона»га қарши, «Ҳоффенҳайм» эртагининг поёни ва уик-энднинг бошқа муҳим воқеалари

Спорт 30 Январь 2017 5790

Якунига етган ҳафта воқеаларга бой бўлди. Испаниядаги шов-шувлар, Англиядаги футбол шоулари, Италиядаги етакчиларнинг муваффақиятсизликлари... Tribuna.Uz уик-энднинг энг эсда қоларли воқеаларини эслаб ўтишга қарор қилди.

Яна жабрдийда ролида «Барселона»

«Голни аниқлаш технологияси? Испанияга бу қимматлик қилади», деганди «Реал»га ишқибозлик қилишини яширмайдиган Ла-лига президенти Тебас. Ўтган ҳафтанинг якуни Испания чемпионати ташкилотчиларига маблағдан жиҳатидан эмас обрў жиҳатдан яхшигина қимматга тушди, дейиш мумкин. «Бетис»га қарши учрашув бош ҳакам Эрнандес Эрнандес «Барселона»нинг чизиқни бир метр кесиб ўтган голини ҳисобга олмади. Бу эса танқидчиларнинг кескин муносабатларига сабабчи бўлди. «Барселона» бош мураббийи Энрике бу борада эҳтиёткорроқ фикр бўлдирган бўлсада, ҳакамларга ёрдам зарурлигини эслаб ўтди.

Бу билан Испанияда ҳакамлик мавзуси ёпилиб қолмади. Чемпионлик учун яна бир даъвогар «Севилья» футболчиси Пареха иккинчи дақиқадаёқ қизил карточка билан сийланди. Натижада жамоа Барселонадан мағлубият билан қайтди. Бундан эса  «Реал» унумли фойдаланиб қолди. «Сосьедад»ни йирик ҳисобда мағлуб этган мадридликлар битта кам учрашув ўтказган ҳолда рақибларини 4 очкога ортда қолдириб кетмоқда.

Жиловланмаган Англия

Англия тур ўйинлари ўтказилмаган бўлсада, кубок баҳсларида қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. Инглизларга хос бўлган ўйинлар эвазига бир қатор кутилмаган натижалаар қайд этилди. Уларнинг ичида энг эътиборлиси «Ливерпуль»нинг ўз уйида «Вулверҳэмптон» га ютқазганини айтиш мумкин. Уч кун ичида Клопп шогирдлари иккита кубокдан ҳам чиқиб кетишга улгурди. Жамоада ўйинида кескин пасайиш кузатилмоқда. Йил бошидан буён ўтказилган саккизта расмий учрашувнинг фақат биттасидагина ғалаба қозонган «мерсисайдликлар» барча даврлардаги антирекордларини янгилади.

Кубокдаги сюрпризлар шу билан тугаб қолгани йўқ. «Челси» ва «Манчестер Сити» каби етакчиларда барчаси жойида бўлиши мумкин, лекин мисол учун «Тоттенҳэм» кейинги босқичга чиқиши учун 97-дақиқа ҳаракат қилишига тўғри келди. Уч марта ҳисобда ортда бора туриб, ғалабани илиб кетган жамоанинг рақибини ким деб сўрасангиз айтишимиз мумкин — 3 дивизион вакили, камтаргина «Уиком». 

Кубокнинг сенсацион натижалари шу қадар кўп бўлдики, бири қолиб, иккинчиси мухлисларни ҳайрат кўчасига етаклади. Амалдаги финалчи «Уотфорд»нинг «Ҳалл» ва «Ньюкасл»нинг қуйи дивизион жамоаларига ютқазиб, мусобақани тарк этгани ҳам ҳеч нима эмас. Кубок тарихида илк марта Англия бешинчи дивизионининг икки жамоаси 1/8 финалгача етиб келди. Яқин ўтмишда ҳам премьер-лигада пешқадамларга ҳақиқий бошоғриғи бўлиб келган «Лидс» қурилишда уста бўлиб ишлаб, бўш вақтида футбол ўйнаб турадиган Коллинз фамилияли қурувчининг пенальтидан киритган голи туфайли кубокдан чиқиб кетди. «Саттон» бу ғалабани мухлислари билан стадионда нишонлади.

Поёнига етган «қишлоқилар» эртаги

Германия чемпионатининг 18-турига келиб, Европадаги энг кучли чемпионатларда мағлубият нималигини билмай келаётган ягона жамоа бўлиб турган «Ҳоффенҳайм» охир-оқибатда биринчи мағлубиятини «Лейпциг»дан қабул қилиб олди. Шундай қилиб Топ-5да чемпионатда мағлубиятга учрамаган жамоа қолмади.

«Бавария» эса ғалабали юришини давом эттирди. Аммо Германиянинг бу икки етакчисига муносиб қаршилик кўрсатишни «Боруссия» Дортмунд эплай олмаяпти. Бу сафар Томас Тухель собиқ жамоасига қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалабани қўлдан чиқарди.

«Қамчи олган» зебра ва «Интер»

Италия А сериясида чемпион ким бўлади деган саволга мавсум бошидаёқ жавоб бериш мумкин. Аммо икки йилдирки мамлакатда «Ювентус»нинг маълум муддат пасайишидан фойдаланиб қолиши мумкин бўлган жамоалар топилади, бироқ бу ҳам узоққа чўзилмайди.

А сериянинг 22-турини ҳам шунга қиёслаш мумкин. «Ювентус» бир қарашда рақибларига имконият бераётгандек кўринганди. Аммо шу турда жамоага рақобат қилиши мумкин бўлган бир йўла тўртта таъқибчи ҳам очко йўқотди. «Наполи» ўз уйида аутсайдер билан дуранг ўйнаган бўлса, «Милан», «Рома» ва «Лацио» ўз учрашувларида бирорта ҳам очко тўплай олишмади. «Ювентус» эса «Сассуоло» уйида меҳмон бўлиб, ишончли ғалабани қўлга киритди ва қайсидир маънода чемпионлик учун кураш масаласини кун тартибидан олиб ташлади.

Аммо юқорида биз санаган тўртта жамоа барқарор футбол кўрсата олмаётган бўлса ҳам, яхши от каби мавсум бошида кўринмаган «Интер» шиддат билан олдинга интилмоқда. Собиқ мураббий билан 15 учрашувда 21 очко тўплаган «нерадзурри» шунча очкони кейинги етти турнинг ўзида тўплаб ташлади. Кетма-кет етти ғалаба жамоага 4-ўринга кўтарилиб олиш имконини берди. Ким билади, дейсиз Пиоли ва Ко шу темпда давом этса, балки айнан улар «қамчи олган» зебрани қувиб етишни уддалар?

Ўзига ўхшамаган Париж ва Монако

Уик-энднинг афишасига қараб энг жарангдор учрашуви деб қаралган «ПСЖ» ва «Монако» жамоалари учрашувини кўрганлар ўйиндан кўнгли тўлди дейиш қийин. Европанинг энг сермаҳсул икки жамоаси ўртасидаги учрашувда биринчи гол ўйиннинг сўнгги дақиқаларида киритилганидан ҳам буни тушуниб олиш мумкин.

Бундан эса «Ницца» фойдаланиб қолди. Ўз уйида «Генгам»ни қабул қилган жамоа бу сафар Балотелли кўмагида ишончли ғалаба қозониб, яна пешқадамлик мавқеига қайтди.

Ўхшаши йўқ Африка

Африка миллатлар кубоги ўзининг сенсациялари билан ҳар доим бошқа қитъа чемпионатларидан кескин фарқ қилиб келган. Бу йилги мусобақада Кот-д‘Ивуар ёки Жазоир каби терма жамоаларнинг гуруҳ босқичиданоқ ортга қайтиб кетиши бунга исбот бўла олади. Чорак финал олдидан мусобақа фаворити сифатида қаралган Сенегал учун ҳам бу босқич сўнггиси бўлиб қолди. Уларни мағлубият этган Камерундан бошқа, Буркино-Фасо, Гана ва Миср терма жамоалари ғолиблик учун курашни давом эттирадиган бўлди. Февралнинг дастлабки икки кунида бўлиб ўтадиган ўйинлар орқали бош соврин учун курашадиган икки терма номига аниқлик киритилади.

«Шапокоэнсе» — ирода дегани

Авиаҳалокатдан роппа-роса 2 ой муддат ўтиб, Бразилиянинг «Шапокоэнсе» жамоаси Санта-Катарина штати чемпионати доирасида «Интернасионал» Лажис клубини мағлуб этди. Бу машъум фожиадан кейин қайта ташкил қилинган жамоанинг биринчи ғалабаси эди.

Кўпроқ янгиликлар