Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Бош прокуратура ходимлари билан биргаликда Олий суднинг маълумот-ҳуқуқий таъминот бўлими катта маслаҳатчиси, 37 ёшли Азизхон Маматовни қўлга олишди. У тадбиркорлардан бирининг иши юзасидан ижобий қарор чиқарилиши учун 50 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан олмоқчи бўлган. Бу ҳақда Спутник Ўзбекистон куч маҳкамасидаги манбага асосан хабар берди.

Икки тадбиркор нотариал шартномага кўра фуқаро А.Олимжоновдан Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги қурилиши битмаган бинони сотиб олишган. Шундан сўнг бино капитал таъмирдан чиқарилди, бу ерда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш режалаштирилганди.

“Кейинчалик Олимжонов бинони аввалги эгасидан деярли тортиб олган ҳолда фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани маълум бўлди. 2016 йилнинг майида Олимжонов кўчмас мулкни тортиб олгани учун 168 модда (“Фирибгарлик”) билан судланди, Яккасарой туман суди уни 10 йилга озодликдан маҳрум этди. Шу билан бир қаторда, суд бинонинг аввалги эгасига объект қийматига тенг бўлган етказилган моддий зарарни қоплаб бериш ҳақида қарор чиқарди”, - дея таъкидлаб ўтган манба.

2016 йилнинг августида бино биринчи эгаси жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида юқорида айтилган икки тадбиркор ҳамда А.Олимжонов ўртасидаги олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиши ҳамда аввал сотиб юборилган мулкни қайтариб бериш ҳақидаги қарорга эришади. "Бунга жавобан бинонинг янги эгаларидан бири Олий судга шикоят билан мурожаат қилди, у эса Тошкент шаҳар судининг қарорини бекор қилди ҳамда ишни қайта кўриб чиқишга юборди. Шу ерда Азизхон Маматов аралашади. У ижобий қарор чиқарилиши учун тадбиркорлардан 50 минг АҚШ долларини ундирмоқчи бўлади. Маматов маблағнинг ярмини дарров беришни, иккинчи қисмини эса – суд қарори чиқарилгач беришларини талаб қилади", - дея таъкидлаб ўтган суҳбатдош.

Тезкор ходимлар Азизхон Маматовни пойтахтнинг Шайҳонтохур туманидаги кафелардан бирида у 25 минг доллар олаётган пайтида ашёвий далил билан қўлга олишди. 

Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168 ва 28, 211 моддалари бўйича жиноят иши қўзғатди.