Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро шаръий никоҳидаги иккинчи хотини хиёнат қилгани боис қотиллик содир этди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Қайд этилишича, оиласи ва тўрт нафар фарзанди бўлган олий маълумотли эркак янги ишқий саргузашт истаб, 1992 йилда туғилган Наманган шаҳрида яшовчи қиз билан учрашиб юради, сўнг уни шаръий никоҳига олади. 

Бироқ вақт ўтиб аёл бошқа бир эркак билан дон олишиб юргани маълум бўлади. Эркак хотинини йўлдан урган шахсдан қасос олишга аҳд қилади ва 2015 йил 8 август куни аёлининг жазманини дўсти ёрдамида аввал роса дўппослаб, сўнг қўл-оёғини боғлаб, Норин тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи "Катта Андижон канали"га тириклайин ташлаб юборади. Жасад орадан бир ҳафта ўтиб, 2015 йил 16 август куни каналнинг Балиқчи туманидан оқиб ўтувчи қисмидан топилди. 

Газетанинг ёзишича, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларнинг тезкор ходимлари томонидан зудлик билан суриштирув ишларига киришилди ва кўп ўтмай жиноятчилар топилди. Айбдорлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.