Оқ уй муҳожирлик чеклови жорий қилинган мамлакатлар танловини изоҳлади

Жаҳон 30 Январь 2017 2368
фото: Шон Спайсер

Оқ уй маъмуриятининг расмий вакили Шон Спайсернинг баёнот беришича, президент Дональд Трампнинг иммиграция қоидаларини кучайтириш фармони қисман собиқ президент Барак Обама маъмуриятининг ҳаракатлари билан боғлиқ, деб ёзмоқда The Hill нашри.

«Обама маъмурияти, биринчи навбатда, айнан ушбу мамлакатларни кўрсатди», — деган Спайсер ABC телеканалига берган интервьюсида.

2016 йил февралида Обама маъмурияти визасиз кириш дастури бўйича Ливия, Яман ва Сомалини «хавотирларга сабаб бўлаётган» мамлакатлар рўйхатига киритган эди. Бунгача, Эрон, Ироқ, Сурия ва Судан ушбу рўйхатдан жой олганди.

Шу сабабли, айнан мазкур 7 мамлакат Трамп фармонига киритилган. 

Спайсернинг қайд этишича, бошқа мусулмон мамлакатлар бу рўйхатга киритилмаган. 

Аввалроқ, Нью-Йорк шаҳрининг собиқ ҳокими Рудольф Жулиани, Трамп ундан қандай қилиб қонуний асосда мусулмон мамлакатлари фуқароларининг АҚШга киришини таъқиқлаш мумкинлиги ҳақида сўраганини айтган эди. 

Кўпроқ янгиликлар