Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 30 январь Биринчи Президент Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди.

Айнан шу сана, жасурлик ва мангулик соҳиби, халқимизнинг асл фарзанди Ислом Каримов таваллуд топган кун муносабати билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам барча академик гуруҳларида Хотира дарслари ташкил этиш билан бошланди.

Тадбирларда мустақил Ўзбекистон Республикасининг тенглар ичида тенг бўлишида, бугунги тинч, фаровон ҳаётга эришиш йўлида улуғ йўлбошчимиз кўрсатган жасорат ҳақида талаба-ёшларга ҳаётий мисоллар асосида сўзлаб берилди. Ёшларнинг нафақат жисмоний, илмий соҳадаги етуклиги, балки маънавий камолоти ҳақида ҳам оталарча қайғурган биринчи Президентимиз умр йўли ва сиёсий фаолияти ҳақида гапириб ўтилди. Тадбирлар давомида иштирокчиларга “Мустақил Ўзбекистон асосчиси”, “Эъзоз” ҳужжатли фильмлари намойиш этилди.

Ўтказилган тадбирлар давомида ТДИУ ректори Баҳодир Ходиев, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, Жаҳон адабиёти журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Севара Абдулҳакимова, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси соҳиби Абдуқаҳҳор Абдураҳмонов, спортнинг теннис тури бўйича 4 карра халқаро гран-при соҳибаси, 5 карра Ўзбекистон чемпиони Дилафруз Азимова ва бошқалар томонидан халқимизга, Ватанимизга бағишланган умр соҳиби, тинчликсевар сиёсатчи Ислом Каримовнинг давлат ва сиёсат арбоби сифатидаги кенг қамровли фаолияти, амалга оширган ишлари, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевни муносиб ворис сифатида яна бир бор эътироф этилди.

Дарҳақиқат, Биринчи Президентимиз мустақилликнинг илк кунларидаги таҳликали вазиятда оқилона сиёсат юргазиб, босиқлик билан жар ёқасида қолган мамлкатимизни тараққиёт сари етаклай олди. Ўша даврлардаги қалоқ иқтисодий вазиятни ўнглаб, барқарор ривожланиш йўлига олиб чиқди.

Тадбирлар давомида юқоридаги масалалар хусусида батафсил сўз юритилиб, бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз асосчисининг порлоқ хотираси ёд этилди.

Шу билан бирга, Ахборот ресурс марказида “Президент Ислом Каримов асарлари” кўргазмаси ва университет тарихи музейида махсус ташрифлар уюштирилди.