Трамп аэропортлардаги муаммолар муҳожирлар ҳақидаги фармон сабабли юзага келмаганини айтди

Жаҳон 30 Январь 2017 2894
Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШдаги бир қатор аэропортлардаги муаммолар муҳожирлар ҳақидаги фармон сабабли эмас, балки Delta Air Lines авиакомпанияси компьютер тизимидаги носозлик сабабли юзага келганини айтди. 

"325 минг кишидан бор-йўғи 109 киши сўроқ қилиш учун ушланган. Аэропортлардаги жиддий муаммолар Delta компьютер тизимидаги носозлик, норозилар ва сенатор Шумер кўз ёшлари сабабли юзага келган", деб ёзган Трамп твиттерда.

Трампнинг фикрича, террорчилар мамлакатга кириб олмасларидан, улар билан "хушмуомала" бўлмаслик керак. Унинг айтишича, бу унинг сайловолди кампанияси бандларидан бири бўлган.

Бундан ташқари, Трампнинг таъкидлашича, фармон ижроси бир ҳафтага кечиктирилганда мамлакатга жиноятчилар ёпирилган бўларди. 

Аввалроқ Трамп қочқинларнинг қабул қилиниши 120 кунга тўхтатилиши ҳақидаги фармонни имзолаганди. Бундан ташқари, президент қочқинларни қабул қилиш квотасини қисқартирган ва Яқин Шарқнинг 7 та давлати фуқароларига АҚШга киришни 90 кунга чеклаган.

Кўпроқ янгиликлар