Бугун, 30 январь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг туғилган куни мамлакат бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Мамлакат мустақиллигини эълон қилиб, 25 йил давомида бу мамлакатни бошқарган сиёсатчи бугун 79 ёшни қаршилаган бўларди.

Бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида халқ ўзининг биринчи юртбошисини хотирламоқда, бир неча кундан буён марҳумнинг Самарқанд шаҳридаги қабрига минглаб кишилар зиёрат учун бормоқда.

Шунингдек, турли давлат ташкилотлари, муассасалар, ҳарбий қисмлар, маҳаллаларда маърифий кечалар, доира стол атрофидаги учрашувлар ташкил этилган.

30 январь куни ҳам Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуасида жойлашган «Ҳазрати Хизр» қабристонига жамоатчилик вакиллари, давлат хизматчилари ва фуқаролар миллат етакчисини хотирлаш учун келишди.

Ислом Каримов 1938 йилнинг 30 январида Самарқанд шаҳрида, хизматчи оиласида таваллуд топган. У 1960 йилда Ўрта Осиё политехника институти, 1967 йилда эса Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган ва инженер-муҳандис ҳамда иқтисодчи мутахассисликларини олган.

Меҳнат фаолияти
Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ("Ташселмаш") заводида мастер ёрдамчилигидан бошлади. Сўнг мазкур корхонада мастер, технолог. 1961 йилдан 1966 йилгача В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади. 1966 йилда Ўзбекистон Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди. 1983 йилдан Ўзбекистон ССР Молия вазири, 1986 йилдан Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари — республика Давлат план комитетининг раиси. 1986—89 йилларда Ўзбекистон КП Қашқадарё вилоят комитетининг биринчи котиби, 1989 йил июнидан Ўзбекистон КП МК биринчи котиби. 1990 йил 24 мартда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.

Сиёсий фаолияти
1991 йил 31 августда Каримов тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, Каримовнинг Президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди. 2000 йил 9 январда у муқобиллик асосида Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб қайта сайланди.

Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этди.

Марҳум президентнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Ушбу қарор асосида ҳар йили Ислом Каримов таваллуд топган сана — 30 январь куни кенг нишонланади, 2 сентябрь куни Хотира куни сифатида ёд этилади.