Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат ­стратегияси ­лойиҳаси жамоатчилигимиз, экспертлар, илмий доиралар, фуқаролик жамияти ­институти вакиллари ­томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Мустақил давлатимиз учун ноёб бўлган ушбу дастуриламал ҳужжат муҳокамаси халқ хоҳиш-иродасининг чинакам ифодаси бўлган механизмлардан фойдаланган ҳолда ташкил этилмоқда, унда кенг аҳоли қатлами катта қизиқиш ва дахлдорлик туйғуси билан қатнашаяпти.

Ҳаракат стратегияси лойиҳаси матни барча хоҳловчилар ­бевосита танишиб чиқиши учун интернет тармоғига жойлаштирилди. Бунда ҳар бир киши ­норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизими ­портали орқали ёки мазкур ­ҳужжат муҳокамаси бўйича мамлакатимиз парламенти, илмий ва таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, экспертлар ҳамжамияти томонидан ташкил қилинаётган қатор тадбирларда бевосита иштирок этиши ҳамда ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдиришлари мумкин.

Ҳаракат стратегиясини тайёрлашга, жумладан, бу борада ­ахборот тўплаш ва уни таҳлил қилиш, таҳлилий ишлар ҳамда ҳужжатнинг турли йўналишлари бўйича натижаларни муҳокама этишга давлат тузилмаларидан ташқари, бошқа қатнашчиларнинг жалб қилиниши жуда кўп масалаларда фикр ва баҳоларни олиш, шунингдек, мамлакатимиз келажак тараққиётининг ­истиқбол йўналишларига оид ғоялар, қарашларни жамлаш ­имконини беради.

Ушбу ҳужжат лойиҳасини ­ишлаб чиқиш, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиш ҳамда қабул қилиш ташаббуси халқимиз томонидан эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда. Очиқ демократик муҳокамалар, аҳолининг мамлакатимиз социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланишининг устувор йўналишларини белгилашда фаол қатнашиши Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривож топаётганидан, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксаклигидан далолатдир.

Ҳаракат стратегиясининг ­асоси, авваламбор, инсон манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ вазифалардан иборат. Улар давлатимиз раҳбарининг Сайловолди дастурида, шунинг­дек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида бел­гилаб берилган эди.

Давлатимизнинг қисқа ва ўрта муддатли режалаштиришга янгича ёндашуви, моҳиятига кўра, юртимизда давлат ҳамда жамият ривожланиши страте­гиясига нисбатан мутлақо янги миллий қарашлар асоси шакллантирилаётганидан далолатдир. Бинобарин, давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилаётган Ҳаракат стратегияси мамлакатимизни кейинги беш йилда ислоҳ қилишнинг “йўл харитаси”га айланади.

Халқ ва мамлакат раҳбарияти Стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишда ўз салоҳиятига реал баҳо берган ҳолда, мавжуд таҳдид ҳамда хавфларни чуқур ҳисобга олиши керак. Халқимиз ушбу дастуриламал ҳужжатнинг кенг муҳокамасида фаол иштирок этиш орқали келажак орзу-умидларини, ривожланишнинг аниқ мақсад ва вазифаларини илгари сурмоқда. Зеро, Ҳаракат стратегиясини амалга ошириш беш босқичда таклиф қилиниб, бу бўйича ҳар йили алоҳида давлат дастурлари қабул қилиниши кўзда тутилаётир. Бу эса дастурга мавжуд вазият, ички ва халқаро шарт-шароитлар, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, ўз вақтида зарур ўзгартишларни киритиш имконини беради.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимизда Стратегияни қабул қилишга янгича ёндашилаётгани замирида, авваламбор, мустақиллик йилларида эришилган ютуқ ва натижаларимиз мужассамдир. Чунки айнан барқарор ҳамда жадал ривожланаётган жамиятгина ўзининг стратегик тараққиёти ҳақида бош қотириши мумкин. Иқтисодиёт ва хавфсизликни таъминлашда жиддий муаммоларга дуч келган, халқ билан самарали мулоқот бўлмаган давлатларда бундай қарорга келишнинг иложи йўқ. Ўзбекистон минтақада жадал равнақ то­паётган мамлакатлардан бири сифатида бош мақсадга, яъни демократик ривожланган давлатлар қаторидан жой олиш йўлидан дадил бормоқда. Юртимизда айнан социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий соҳаларда қўлга киритилган натижалар ўрта муддатли ривожланишимизнинг стратегиясини бел­гилаб берадиган ҳужжатни қабул қилиш учун шарт-шароит яратади.

Ўзбекистон томонидан Ҳаракат стратегияси қабул қилиниши режалаштириш-прогнозлаштириш бўйича фаолиятнинг ­халқаро амалиётига тўла мос келади. Масалан, Канада, ­Япония, Жанубий Корея ва ­бошқа мамлакатларда қабул қилинган миллий ривожланиш стратегиялари дунё ҳамжамиятида кенг ном қозонган бўлиб, ҳозиргача ижобий натижа келтирмоқда.

Ҳаракат стратегияси лойиҳаси мамлакатимиз келажагини барпо қилишнинг муҳим воситаларидан биридир. У жамият ва давлатнинг барқарор ҳамда уйғун тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади. Ҳужжатда мамлакатимиздаги мавжуд имкониятлар эътиборга олинаяпти, умуммиллий ва ҳудудлар доирасида, ҳатто маҳаллий даражада мақсад ҳамда вазифалар таклиф қилинаётир. Ушбу дастуриламал ҳужжат унинг жамоатчилик муҳокамасида, маслаҳатлашувларида иштирок этаётган одамларнинг қарашларини, манфаатларини ўзида ифодалайди.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, Ҳаракат стратегияси ­лойиҳасида давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ­таъминлаш, давлат аҳамиятига молик муҳим қарорларнинг қабул қилинишида жамоатчиликнинг кенг иштирок этиши, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини ошириш, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар муҳим ўрин эгаллаган. Бу мазкур дастуриламал ҳужжатнинг рўёбга чиқарилиши учун давлат ва жамият саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган устувор йўналишлардан биридир.

Ҳар қандай ғоя, агар у келажакка бўлган ишончни мустаҳкамласа, жамиятнинг кучи ва ресурсларини жалб қила олсагина, муваффақиятга эришиши мумкин. Шуни ғурур билан айтиш жоизки, аҳоли турли қатламлари билдираётган фикр-мулоҳазалар, таклифлар Ҳаракат стратегияси лойиҳаси халқимизнинг яратувчанлик салоҳиятини янада кенг рўёбга чиқариб, одамларимизни шижоат билан эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга қодирлигини кўрсатди.

Ҳаракат стратегиясини қабул қилиш бўйича жамиятимизнинг барча қатлами якдиллик намо­йиш этаётгани халқимизнинг улкан муваффақиятлар, тараққиётнинг янги марраларига эришиш, пировардида одамларимиз турмуш даражасини янада ошириш имконини беради.

Илҳом АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати, сиёсий фанлар доктори.