Таниқли режиссёр, ўзининг шов-шувли фильмлари билан мухлислар қалбидан жой ола билган, изланишдан ва ўрганишдан чарчамайдиган ижодкор Рустам Саъдиев Kun.uz сайтининг навбатдаги меҳмони бўлди. У билан ўзбек киносининг истиқболи, келажакдаги юксак режалар, мавжуд муаммолар ва бошқа мавзуларда  суҳбатлашилди. Рустам Саъдиев ушбу учрашувда “Барон” фильмининг иккинчи қисми ҳақида тўхталиб ўтар экан, шундай деди:

“Шуни айтиб ўтишим керак-ки, “Барон” фильми иккинчи қисмининг сценарийси деярли тайёр бўлиб қолди. Уни “Ўзбеккино” қошидаги бадиий кенгашга тақдим этиш ниятидамиз. Фильмни суратга олиш ишлари айрим сабабларга кўра, тўхтатиб қўйилган эди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бўлиб, айни дамда бу ҳақда тўхталиб ўтмоқчи эмасман. Лекин вақти келганда, албатта, бу ҳақда сўзлаб бераман. Аммо айни кунларда барчаси ижобий томонга ўзгарди. Шу боис яқин кунларда фильмнинг суратга олиш ишлари бошланиб кетади. 

Яна шуни маълум қилмоқчиманки, “Барон” фильмининг актёрлар жамоаси картинанинг иккинчи қисмида деярли қатнашмайди. Фақатгина айта олишим мумкин бўлган ва фильмда роль ижро этиши аниқ бўлган актёрларга Фарҳод Маҳмудов, Дилноза Кубаева, Шаҳзода Матжонова ва Муҳаммадисо Абдулхайровлар киради. Чунки кастингда янги актёрлар танланиши мумкин. Бунга олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди. Бундан ташқари, жаҳон ва рус киноси юлдузлари ҳам мазкур фильмда роль ижро этишади.

Иккинчи қисмдаги воқеалар ривожи ҳам биринчиси сингари маъно касб этади, бироқ унда кескин ҳолатлар, кутилмаган воқеалар ва уларнинг ечимини кўриш мумкин.

Ниятим “Барон” фильмини айнан мана шу йилда суратга олиб бўлиш. Спортчи мусобақага тайёрланиш олдидан спарингларда қатнашиб турганидек, бундай улкан ғояни амалга ошириш учун ҳам вақт талаб этилади. Орада имкон бўлса, бошқа фильмларни ҳам суратга олишим мумкин. Бу менга “форма”дан чиқиб кетмаслигимни таъминлайди, яъни спаринг вазифасини ўтайди”, дейди режиссёр.

Эслатма: яқин кунларда режиссёр Рустам Саъдиев билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ шакли билан сайтимиз орқали танишиш имкониятига эга бўласиз.