Германиянинг Росток шаҳрида яшовчи фуқаро бир неча йил давомида итларга солинган солиқдан бўйин товлаб келган. У ўз жонивори – испания сув итини қўй деб алдаган. Бу ҳақда Focus хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, ғалати “қўй”га ўткинчилардан бири эътибор берган. Бу ҳолат эркакни итини сайр қилдириб юрганида содир бўлди. Ўткинчи эркакдан ит ҳужжатларини тақдим этишни сўрайди, бироқ у қўйни етаклаб юргани ҳақида маълум қилди. Бундай жонивор эса маҳаллий ветеринария хизматида рўйхатдан ўтиши шарт эмас ва унга солиқ солинмайди.

Гувоҳ жонивор эгасининг сўзларидан шубҳага тушиб полицияни чақиртирди. Бироқ ҳаттоки полициячилар ҳам жонивор аслида қайси турга мансуб эканини аниқлай олишмади. Эртаси куни эса ветеринар шифокор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари иштирокида жониворни текширувдан ўтказиб, бу ит экани ҳақидаги хулосага келди.

Эндиликда эркак жаримага тортилади. Бундан ташқари, у бир неча йиллик итга бўлган солиқ маблағларини ҳам тўлаб бериши керак бўлади.