Қирғизистонда февраль ойи давомида ёқилғи-мой маҳсулотлари (ЁММ) 2-2,5 сўмга арзонлашиши кутилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати аппарати ахборот таъминоти бўлимида маълум қилинди.

Бўлимнинг маълум қилишича, мамлакат вазирлар маҳкамасида ЁММ бозоридаги вазият ва транзитга унификациялашган темир йўл нархларининг таъсир қилиши муҳокама қилинди. Таъкидланишича, Қирғизистонда ёнилғи Қозоғистон орқали маҳсулотлар транзити учун унификациялашган темир йўл нархлари қўлланиши сабабли арзонлашади. ЁММ февраль давомида нефть маҳсулотлари партиялари келишига боғлиқ ҳолда арзонлашиб боради. 

"Ҳисоб-китобларга кўра, Россиядан нефть маҳсулотларининг Қирғизистонга транспортировка қилиниши бир тонна учун 45 доллардан 48 долларгачани (нефть қайта ишловчи заводнинг чегарадан узоқлашганига боғлиқ ҳолда) ташкил қилди", деб айтди Қирғизистон ҳукумати аппарати иқтисодиёт ва инвестициялар бўлими бошлиғи Николай Чуйков.