НАТОга аъзо мамлакатларнинг мудофаа вазирлари 2017 йил февралида альянснинг Қора денгиздаги ҳарбий кучларини кучайтиришга доир чоралар тўпламини маъқуллайди. Бу ҳақда, ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг 31 январда баёнот берди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

Чоралар тўплами НАТОнинг минтақадаги қуруқлик, денгиз ва ҳаво кенгликларидаги позицияларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлади. 

30 январь куни Столтенберг бир неча шартларга риоя қилинса, Россия билан яхши қўшничилик муносабатларини юритиш мумкинлигини айтганди. «Агар сиз кучли, қатъиятли бўлсангиз, Россия билан амалий муносабатлар ўрнатиш ва қўшни бўлиш мумкин», — деган фикрларни билдирган эди ташкилот бош котиби. 

Россия ва Ғарб мамлакатларининг муносабатлари ўтган аср 90-йиллари охиридан бузила бошлади. НАТОнинг шарқ томон кенгайиши ва АҚШнинг ахборот ҳамда зарба қурилмаларини Шарқий Европада ўрнатиши асосий ҳал этилмаган муаммоларга айланди. 2014 йилда Қримнинг Россияга қўшилиши ва Донбассда фуқаролик уруши авж олиши билан альянс Шарқий Европа ҳудудини кучайтиришини эълон қилди. Бу эса, расмий Москванинг норозилигига сабаб бўлмоқда.