Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 30 январь куни кечқурун мамлакат телеканаллари орқали махсус чиқиш қилди.

Телеканаллар орқали қилган чиқиши чоғида, Қозоғистон президенти мамлакатда кутилаётган конституциявий ислоҳот, жумладан, ҳокимият тақсимоти ҳақида гапирган.

Унинг мурожаатида Қозоғистон учинчи модернизациясининг бешта бирламчи йўналишларини санаб ўтилган.

«Ҳурматли қозоғистонликлар! Янги давр арафасида мен Қозоғистон халқига мурожаат қилмоқчиман.

Мамлакат ривожланишнинг 25 йиллик босқичини босиб ўтди. Биз ўз мамлакатимиз билан фахрланамиз. Мустақилликнинг 25 йиллик тантаналарини нишонлаш вақтида биз Қозоғистоннинг ютуқларини эътироф этгандик. Бу муваффақиятларимиз бутун жаҳон ҳамжамиятига ҳам маълум ва юқори баҳоланган.

2017 йилдан бошлаб Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзосига айланди.

Бу йилда Остонада «ЭКСПО-2017» кўргазмаси ўтказилади. Биз бундай кенг кўламдаги тадбирни қабул қилаётган МДҲ ва Марказий Осиёдаги биринчи давлатмиз.

Олмаотада эса 2017 йилги Қишки Универсиада ўтказилмоқда ва унда дунёнинг 57 давлатидан делегация ва 2 000 спортчи иштирок этмоқда.

Буларнинг барчаси Қозоғистон халқаро майдонда тўғри йўлдан юраётганини кўрсатади.

Қозоғистон 2050 йилга қадар дунёнинг энг тараққий этган 30 давлати қаторига кириши керак. Биз шу мақсад йўлида ишонч билан юриб бормоқдамиз.

«Нұрлы Жол»нинг иқтисодий сиёсати ва «100та аниқ қадам» режаси эвазига биз глобал трансформация даврининг биринчи босқичини муносиб босиб ўтди. 2014–2016 йилларда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 1,7 триллион тенге ажратдик. Бунинг эвазига иқтисодий ўсишга эришилди ва бизнес ривожлантирилди. Натижада 200 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.

2016 йилда ЯИМ 1 фоизлик ўсишга эришди. Бу ҳозирги қийин шароитда эътиборга молик кўрсаткичдир.

Дунёдаги вазият доимий равишда ўзгариб туради. Бу янги глобал воқеилик ва биз буни қабул қилишимиз лозим.

Ҳурматли ватандошлар!

Фақатгина келажакнинг чақириқларига тайёр турадиган халқларгина муваффақиятга эришади.

Дунёда навбатдаги, тўртинчи саноат инқилоби бошланмоқда.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларини рақамлаштириш эгаллади. Бу аввалги соҳаларнинг йўқ бўлиши ва янгилари пайдо бўлиши билан амалга ошмоқда. Буюк ўзгаришлар кўз ўнгимизда кечмоқда – бу бизнинг халқимиз учун янги чақириқ ва янги имкониятдир.

Бугун мен Қозоғистоннинг учинчи модернизациясини амалга оширишни таъминлаш вазифасини қўяман. Мамлакатнинг глобал рақобатбардошлилигини таъминлайдиган иқтисодий тараққиётнинг янги моделини яратиш керак», — дейилади президентнинг Оқ ўрда сайтига жойланган мурожаатида.

Учинчи модернизациянинг бешта бирламчи йўналишларини Назарбоев қуйидагича белгилаган:
- иқтисодиётни тезкорлик билан технологик модернизация қилиш;
- бизнес-муҳитни тубдан яхшилаш ва кенгайтириш;
- макроиқтисодий барқарорлик;
- инсон капитали сифатини яхшилаш;
- институционал ислоҳотлар, хавфсизлик ва коррупусияга қарши кураш.