АҚШнинг Аризона штатидан бўлган саккиз ёшли онкологик касаллик билан оғриган қизча АҚШ президенти Дональд Трампга видеомурожаат йўллади. Қизча давлат раҳбаридан болалар саратон хасталиклари билан курашга йўналтирилган молиялаштиришни оширишни илтимос қилди. Эбриэл Бентли ўз видеосини Facebook’даги саҳифасида тақдим этган.

Қизча Трампни Миллий онкология институтини (National Cancer Institute) молиялаштиришга ёрдам беришга чақирган ҳамда болалар саратон хасталиклари соҳасидаги тадқиқотларга барча маблағларнинг атиги тўрт фоизи ажратилишини эслатиб ўтган.

«Бизлардан баъзилар кимётерапиянинг салбий таъсири оқибатида вафот этмоқда. Бу бизнинг кичик жуссаларимиз учун жуда ҳам кучли жараён. Бу нотўғри», - деди Бентли. У шунингдек ўзининг даволаш жараёни фотохроникасини ҳам кўрсатди.

«Илтимос, Американи яна буюк қилишда бизни эсдан чиқариб қўйманг», - дея Трампга мурожаат қилди қизча.

У шунингдек давлат раҳбаридан Оқ уйни бир кунга бўлса-да олтин рангли иллюминация билан безатишни сўради – аниқлик киритилишича, бу болалар онкологияси билан кураш ранги экан.

Эбриэл ролигини бир ҳафта давомида 400 минг маротаба томоша қилишди.

Маълумот учун, қизчада суяк саратони, Юинг саркомасининг тажовузкор формаси 2015 йилда аниқланган. Жарроҳлик амалиёти ва 17та кимётерапия жараёнидан сўнг шифокорлар касаллик ривожланиш кучини бироз пасайтиришга эришишди.