Ўзбекистонда ўн учинчи бора ўтказилаётган "Ижтимоий инклюзия: болалар ижтимоийлашувидаги янги йўналишлар" Халқаро анжумани ўз ишини бошлади. 

Анжуманнинг биринчи кунида "Sen yolg'iz emassan" республика болалар жамоатчилик жамғармаси ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тиллаева ижтимоий инклюзия мавзусига бағишланган маърузасини тақдим этди. Унда хайрия ташкилоти ва марказ фаолияти ҳақида бир қатор маълумотлар келтириб ўтилди. Иштирокчиларга махсус тақдимот намойиш этилди. 

Лола Каримова-Тиллаева "Sen yolg'iz emassan" РЖБЖ ва РБИММда ота-она қарамоғисиз қолган, имконияти чекланган, кам таъминланган оила фарзандларига ҳар томонлама ёрдам бериш масаласи бўйича катта тажрибага эга эканлигини маълум қилди. Шунингдек, ташкилотлар фаолияти давомида 15000 бола манзилли ёрдам олгани айтиб ўтилди. 

Анжуманда вазирлик раҳбарлари, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, БМТ Тараққиёт дастури ташкилотлари вакиллари, қолаверса, Австрия, Беларусь, Германия, Исроил, Ирландия, Италия, Россия ва Қозоғистон каби давлатлардан ташриф буюрган экспертлар ҳам иштирок этишди. 

Икки кун давомида ўтказиладиган тадбирда хорижий мутахассисларнинг иш тажрибаси билан яқиндан танишиш ва улардан керакли маслаҳат ҳамда таклифларни олиш, соҳадаги ютуқлар ҳақида ўзаро фикрлар алмашиш мақсад қилинган. Шунингдек, ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий инклюзияси борасидаги ишларни ривожлантиришнинг аниқ стратегияси тузилади.

Халқаро конференция якунида имконияти чекланган, ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг қизиқишлари ҳамда имкониятларини инобатга олган ҳолда ижтимоий муҳофаза қилиш ва интеграциялаш самарадорлигини ошириш, уларни тўлақонли мустақил ҳаёт кечириши учун касбий ва жисмоний тайёрлаш тизими бўйича керакли тавсиялар ишлаб чиқилади.