Тошкентнинг Миробод туманида Спорт ўйинлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Замонавий иншоотда  спорт зали ва футбол майдони, ювиниш, кийим алмаштириш хоналари мавжуд. Мактаб жаҳон андозаларига жавоб берадиган спорт жиҳозлари билан таъминланди. 

Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси тасарруфидаги Спорт ўйинлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида қатор спорт турлари билан 750 дан ортиқ  спортчи мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 65 нафари Ўзбекистон терма жамоалари аъзоларидир. Спорт мактаби тарбияланувчилари мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда юқори натижаларга эришиб келмоқда. 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида Александр Свечников ва София Бурҳонованинг юқори натижага эришгани бунинг далилидир.

Миробод туманида қад ростлаган янги иншоотда спортнинг бешта тури бўйича спортчиларнинг машғулотларини ташкил этиш, шунингдек, турли даражадаги спорт мусобақаларини ўтказиш мумкин.

Тадбирда бадиий гимнастика, акробатика, ўзбек жанг санъати сингари қатор спорт турлари бўйича ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.