Шу йилнинг 27 январь куни сайтимиз орқали “Шаҳрисабзлик ва самарқандлик шифокорлар ўлаётган уч ярим яшар қизчанинг ҳаётини сақлаб қолишди”, деб номланган таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Унда ўпка йўлига шўрданак пўстлоғи ўтиб кетган қизчанинг оғир аҳволи ва ҳатто ўлим ёқасига бориб қолгани, шаҳрисабзлик ва самарқандлик шифокорларнинг жонкуярликлари ҳамда малакалари натижасида қизчанинг ҳаёти сақлаб қолингани ҳикоя қилинади.

Мақолада Самарқанд вилоятидаги кўп тармоқли шифохонада ишловчи шифокор Намозов Фазлиддин Шарофиддинович қизча шу ҳолатга келишидан бир ой муқаддам унга нафас олиш йўлидаги аллергия ташхиси қўйгани, бироқ бу ташхис нотўғри бўлиб чиққани ҳақида сўз боради.

Бугун таҳририятимизга бўлган қўнғироқлардан бирида ана шу қизчанинг бобоси биз билан боғланди. Унинг айтишича, юқорида номи зикр қилинган шифокор Самарқанддан Шаҳрисабзга келиб, шахсан ўзи қизчанинг аҳволини кўрган, зарур кўрсатмалар берган ва унинг онасидан узр сўраган.

“Бу ташрифдан ниҳоятда хурсанд бўлдик. Ушбу шифокорнинг минглаб болаларга, минглаб оналарга ёрдами теккан, шуни билганимиз учун унинг ҳузурига қизимни юборган эдим. Аммо неварамнинг соғлиғидаги бошланғич ҳолат аллергия нишонасини берганми, у киши шундай ташхис қўйганлар шекилли. Қолаверса, ўпка йўлига ўтган кичик нарсалар рентген қоғозида ҳам кўринмас экан”.

У кишининг айтишича, айни дамда невараларининг соғлиғи яхши. Борган сари кучга тўлиб, саломатлиги олдинги ҳолатига қайтмоқда.