Венесуэла президенти Николас Мадуро вице-президент Тариқ Ал-Аиссамига ўз ваколатлари бир қисмини топшириб, унинг позициясини кескин кучайтирди.

Gaceta Oficial’да тақдим этилган давлат раҳбари қарорига кўра унинг камида 15та ваколати эндиликда Ал-Аиссамига ўтади. Хусусан, у вазирликлар ўртасида маблағларни тақсимлаш, вазир ўринбосарларини тайинлаш, экспроприация (мажбурий тарзда тортиб олиш) ҳақида фармонларга имзо чекиши ва стратегик соҳадаги корхоналарни қўшимча қиймат солиғидан озод этиши мумкин, деб хабар беради Noticias24 портали.

Ал-Аиссами жорий йилнинг бошида вице-президент лавозимига тайинланганди. Конституцияга кўра, давлат раҳбари истеъфога чиқса айнан вице-президент унинг ваколатларини ўзига олади. 

Жанубий Америкадаги энг йирик нефть экспортчиси бўлган Венесуэлада сўнгги ойларда вазият жуда ҳам ёмонлашди. У ерда маҳсулотлар етишмовчилиги, жуда ҳам катта пул қадрсизланиши ва нефть нархи тушиши сабаб давлат даромадининг пасайиши кузатилмоқда. Шунингдек мамлакатда ҳукуматнинг ижро ва қонунчилик органлари ўртасида инқироз юзага келган.