WhatsApp’да янги функциялар пайдо бўлиши кутилмоқда. Daily Telegraph хабарига кўра, фойдаланувчиларга  жўнатилган хабарларни таҳрирлаш, қайтариб олиш ва ўчириш имкони тақдим этилади.

Манбанинг ёзишича, жўнатилган хабарларни иккинчи томон кўришидан олдин ўчириб юбориш мумкин бўлади. Хабар матни ўзгартирилгач, қабул қилиб олувчи янгиланган вариантни кўради.

Бундан ташқари, WhatsApp’да гуруҳли чат иштирокчиларининг жойлашган ўрнини аниқлаш мумкин бўлади.

«Жойлашган ўрнини жонли тарзда аниқлаш» (Live Location Tracker) функцияси мессенжернинг Android ва iOS (тегишли равишда 2.16.399 ва 2.17.3.28) версияларига қўшилади. Уни созламаларга кириб ёқиш мумкин бўлади. Бу фойдаланувчига гуруҳ иштирокчилари учрашишга келишган жойдан қанчалик узоқда эканлигини аниқлаш имконини беради. Гуруҳ иштирокчиларидан ҳар қайси бири бошқаларига унинг жойлашган ўрнини аниқлашини тақиқлаб қўйиши ҳам мумкин.

WhatsApp - энг кенг тарқалган мобил мессенжерлардан бўлиб, ундан бутун дунё бўйлаб фойдаланишади. 2014 йилда Facebook компанияси WhatsApp’ни 21,8 млрд доллар эвазига ўзиники қилганди.