АҚШ президенти Дональд Трампнинг миграция фармони мамлакатнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларидан бири Саудия Арабистони подшоҳлигини ноқулай аҳволга қўйиши мумкин. The Wall Street Journal нашри шундай фикр юритмоқда.

Газетага кўра, Саудия Арабистони ўзини минтақанинг етакчиси деб билар экан, Трампнинг айрим мусулмон мамлакатлари фуқароларига АҚШга киришни тақиқлаш борасидаги чекловлари ушбу мамлакат билан ижобий муносабатларни давом эттиришга тўсқинлик қилиши эҳтимол. 

«Тақиқ Саудия Арабистонини ноқулай аҳволга қўяди. Подшоҳлик ушбу фармонга норозилигини билдириши кутилмоқда. Чунки, рўйхатга киритилган айрим мамлакатлар, хусусан, Судан ва Яман саудияликларнинг муҳим иттифоқчилари ҳисобланади», — деган Қатарнинг Доха университети зиддиятшунослик профессори Иброҳим Фрайхат. 

Нашрнинг ёзишича, Саудия мулозимлари АҚШ маъмуриятининг ушбу фармонига қарашини билдирмаган бўлса ҳам, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал Жубайр бу таклифни «жуда хавфли» деб баҳолаган ҳамда турли динга эътиқод қилувчи инсонлар ўртасидаги зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин, деган тахминларни илгари сурган. 

Таъкидланишича, Саудия етакчилари Трампнинг сайланишини қутлаган ва янги президентнинг Эронга нисбатан қатъий позицияси Ар Риёд ва Вашингтонни яқинлаштиришига умид қилган эди. Саудия Арабистони, шунингдек, Трамп Жим Маттисни мудофаа вазирлигига ҳамда Рекс Тиллерсонни давлат департаментига раҳбар сифатида тайинлаганда уни олқишлаган эди. 

Бундан ташқари, Саудия Арабистони Сурияда хавфсиз ҳудудлар жорий қилиш бўйича Трамп ғоясини ҳам маъқуллаганди.