Жиззахда “Иегова шоҳидлари”га қизиққан ўзбек қизи жаримага тортилди

Жамият 31 Январь 2017 10088
Фото: Getty Images

Ҳар бир инсон бирор юмушга қўл уришдан олдин яхшилаб ўйлаб кейин шу ишни бошлаши керак. Бу масалада аввало шошқалоқликка берилмасдан билим ва дунёқарашига суянган ҳолда иш кўрса мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзбошимчаликка берилиб, калта ўйлаб қилинган иш ҳар қандай одамни Муборак Абдураҳмонова каби қизларимизга ўхшаб суд залида ўтиришга мажбур қилади. Шу боис ота-боболаримиз азалдан “Етти ўлчаб бир кес”, деган нақлни бежизга айтишмаган.

Жиззах вилояти ҳокимлиги сайтининг хабар беришича, 1993 йил 16 июлда туғилган М.Абдураҳмонова Жиззах шаҳри, Жели-гули маҳалласида истиқомат қилади. У диний билимга эга бўлмай туриб, қонунга хилоф равишда ўзига тегишли бўлган “Самсунг” русумли телефон аппаратида “Иегова шоҳидлари”га тегишли диний мазмундаги видео лавҳа ва ён дафтарчасида турли мазмундаги ёзувларни 2016 йил 18 ноябрь кунига қадар сақлаб келган. Унинг асраганлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида аниқланди. Ушбу видеолавҳаларни тинглаш, кўриш, тарқатиш, олиб юриш Ўзбекистон диний идоралари томонидан тақиқланган.

Суд мажлисида М.Абдураҳмонова диний мазмундаги видео лавҳаларни фақат ўзи тинглаганлигини, видеомаҳсулотни ҳеч кимга тарқатмаганлигини баён қилди. У ҳақиқатдан ҳам бир йил давомида “Библия” китобини ўрганиб келишини, унда Иегованинг амирлари ёзилганлигини, телефонида шу мазмундаги қўшиқлари борлигини, уларни эшитиб келишини, бу ишлари ноқонуний эканлигини билмаганлигини билдириб, авф этишларини сўради.

Суд айбланувчининг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, унга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида, яъни 2 миллион 995 минг 500 сўм миқдорида жарима белгилади. Унга тегишли телефон ва ён дафтарчаси тегишли тартибда йўқ қилинди. Эндигина 24 ёшни қаршилаган ёш қизнинг пушаймони албатта кеч. Ўйлаймизки, энди у қонунларимизга зид ҳаракатларни қилмайди. Акс ҳолда…

Кўпроқ янгиликлар