Япония аҳолиси 2053 йилда 100 миллионлик кўрсаткичдан пастга тушади. Ҳозирда, бу мамлакатда 127 миллиондан ортиқ инсон истиқомат қилади. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги аҳоли ва ижтимоий суғурта масалалари билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот институти шундай хулосага келган. 

Институт тадқиқоти ва тахмини 5 йилда бир марта ўтказилади. Ўтган сафарги тадқиқот маълумотлари билан таққосланганда аҳоли қисқариши бирмунча секинлашган. Аввалги тахминга кўра, Япония аҳолиси 2048 йилда 100 миллион нафардан камроқ бўлиши керак эди. 

Бундай ижобий натижага ёшлар орасида никоҳ ва фарзанд кўришга нисбатан муносабатни ўзгартириш орқали эришилган. Масалан, яна 50 йилдан сўнг, жами туғилиш коэффициенти (бир аёлга тўғри келувчи ўртача фарзанд) 1,44ни ташкил этади. Беш йил аввалги тахминларга кўра, бу 1,35га тенг бўлиши керак эди.

Шу билан бирга, бу рақамларни келажакка ишонч билан қараш имконини беради, деб бўлмайди. Чунки, 2065 йилда мамлакат аҳолиси 88 млн кишигача камайиши мумкин.