Япония бош вазири Синдзо Абэ АҚШ президенти Дональд Трамп билан режалаштирган учрашувида Америкада қўшимча иш ўринлари барпо қилишга кўмаклашадиган қатор лойиҳаларни таклиф қилади. Икки мамлакат етакчиларининг учрашуви 10 февралда Вашингтонда бўлиб ўтиши кутилмоқда, деб хабар қилади  Kyodo агентлиги Япония ҳукуматидаги манбасига таянган ҳолда. 

Агентликка кўра, гап минглаб иш ўринларини яратиш ҳақида бормоқда. Япония АҚШ билан ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган соҳаларга тезюрар темир йўл магистраллари қуриш ва сланецли нефть конларига доир лойиҳаларни киритиш мумкин. Бундан ташқари, Toyota автоконцернининг Америкадаги ишлаб чиқариш корхоналарига 5 йил мобайнида 10 млрд доллар сармоя киритиш ҳамда SoftBank телекоммуникация компаниясининг АҚШ иқтисодиётига 50 млрд доллар миқдорида инвестиция киритиш режаларини ҳам қайд этса бўлади.