Германия канцлери Ангела Меркель 2 февраль куни Туркияга бир кунлик ишчи ташрифини амалга оширади.

Бу Меркель хонимнинг Туркияда ўтган йилнинг июлида давлат тўнтариши амалга оширишга бўлган уринишдан бери илк марта сафар қилиши бўлади.

Меркель хоним Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашиши, Туркия парламентига ташриф буюриши кутилмоқда.

Германия канцлери Туркия бош вазири Биноли Йилдирим билан ҳам учрашув ўтказишни режалаштирган.

Меркель хонимнинг бу сафарги ташрифи кун тартибидан 2016 йилдаги каби қочқинлар масаласини муҳокама этиш ўрин олган.

Ўтган йилнинг мартида Туркия ва ЕИ ўртасида қочқинларни Европага ўтказмасдан, Туркия ҳудудида олиб қолиш бўйича келишув кучга кирганидан кейин Европага қочқинлар оқими камайган. 2015 йилда Германияга 890 минг қочқин кириб борган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 280 минг нафарни ташкил қилди.