БАА ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Абдулла бин Зайид ал-Наҳайян АҚШ президенти Дональд Трамп муҳожирлик фармонини имзолаш чоғида ўзининг суверен ҳуқуқидан фойдаланди, деб маълум қилди. Бу қарор маълум бир динга қарши қаратилмаган.

"Мамлакатларда ўз суверенитетини таъминлаш бўйича қарорларни қабул қилишда суверен ҳуқуқ бор. АҚШ президенти бу ҳуқуқдан фойдаланди. Бу қарор динга қарши қаратилган, деган гап-сўзлар тарқалди. У аниқ бир динга қарши қаратилмаган, бу қарор вақтинчалик", - деди ал-Наҳайян журналистларга.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп "Мамлакатнинг хорижий террорчилар киришидан ҳимояси тўғрисида"ги фармонга имзо чекди. У АҚШга 90 кун давомида етти мамлакат (Эрон, Ироқ, Яман, Ливия, Сурия, Сомали ва Судан) фуқаролари киришини тақиқлади, шунингдек барча қочқинларни қабул қилишни 120 кунга тўхтатиб қўйди.