Хитой 10та жанговар блок бўлган DF-5C қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказди. Бу ҳақда таниқли америкалик таҳлилчи Билл Гертц Пентагондаги манбаларга асосан The Washington Free Beacon сайтида хабар берди.

Ракета Хитой шимоли-ғарбидаги Шаньси вилоятида жойлашган Тайюань синов марказидан учирилган. Гертцнинг таъкидлашича, индивидуал йўналтирилган инерт ҳарбий блоклар синови АҚШ разведка хизматлари томонидан назорат қилинган.

Таҳлилчининг фикрича, Хитой 10та ҳарбий блокли ракетани синовдан ўтказиб, келажакда ўз ядро кучларини янада кучайтириши мумкин. Айни дамда ХХР ракета қўшинлари DF-5A ва B модификациядаги тахминан 20та ракетага эга. Уларнинг парвоз масофаси 12 минг километрни ташкил этади. DF-5A ракеталари қуввати 4-5 мегатонна бўлган моноблок билан жиҳозланган бўлса, DF-5B қуввати 1 мегатоннага яқин бўлган 3-8 ажралувчи бош қисмларини ўзи билан олиб юборади. DF-5’нинг бошланғич массаси 180 тоннани ташкил қилади.

Бироқ бундай турдаги ракета бир қатор камчиликларга ҳам эга: унинг парвоздан аввалги тайёргарлик вақти жуда ҳам узоқ бўлиб, ёқилғи қуйиш жараёни 1,5-2 соатга қадар чўзилиб кетиши мумкин.