Исроил давлат раҳбари Реувен Ривлин Мексика президенти Энрике Ньетодан мамлакат бош вазири Нетаньяхунинг «президент Трамп ҳақ» деган иборалари учун узр сўради. Биньямин Нетаньяху АҚШ етакчисининг Америка-Мексика чегарасида девор қуришга доир фармонини имзолаганидан сўнг, ўз қарашини шу тарзда изоҳлаган эди, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

Исроил президенти Мексика давлат раҳбари билан телефон орқали ўтказган мулоқотида кечирим сўрар экан, бу ҳодисани тушунмовчилик деб атаган ҳамда мамлакатлар бу масалани «ўтмишда қолдиришига» умид билдирган.

Мексика етакчиси Исроил президенти билан мулоқотда бош вазир твити Мексика ва унинг яҳудийлар жамоасини хафа қилганини қайд этиб, шундай бўлса-да, Исроил билан ҳамкорликни давом эттиришга розилик билдирди. 

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Twitter саҳифасида «Президент Трамп ҳақ. Мен Исроил жанубида девор қурдим. Бу ноқонуний муҳожирларни тўхтатишга ёрдам берди. Катта муваффақият. Буюк ғоя», - деб ёзган эди. 

Кейинроқ, Нетаньяху ўз твитида Трампнинг Исроил чегараларидаги деворни олқишлаганини назарда тутганини, Мексика ва АҚШ ўртасидаги деворни хаёлига келтирмаганини айтган. 

«Мен Исроилнинг ҳимоя тўсиғи хусусида фикр юритдим. Аммо, АҚШ ва Мексика ўртасидаги вазиятни изоҳлаганим йўқ. Биз Мексика билан яхши муносабатдамиз ва шу йўналишда давом этамиз», - дея таъкидлаган Нетаньяху. 

АҚШ президенти Дональд Трамп 25 январь куни Мексика билан чегараларда девор қуриш фармонини имзолаган эди. Келаси куни Мексика президенти Энрике Пенья Ньето Трамп билан Вашингтонда бўлиб ўтиши белгиланган учрашувини бекор қилди.