Канада иммиграция масалалари бўйича вазири Аҳмад Ҳусаннинг баёнот беришича, Канаданинг қочқинларни қабул қилиш бўйича дастури АҚШ президенти Дональд Трампнинг фармони сабабли ўзгаришларга учрамайди. Трамп қочқинларни қабул қилиш бўйича Америка дастури ижросини вақтинча тўхтатган ҳамда Яқин Шарқдаги 7 мамлакат фуқаролари учун мамлакатга киришни 3 ой муддатга тақиқлаган эди. 

«Бизнинг қочқинларни қабул қилиш бўйича иммиграция режамиз жуда юксак. Биз ушбу дастурга амал қилиш ниятидамиз», — деган Ҳусан. Унинг сўзларини CBC телеканали келтирган.

Канаданинг бу борада 2017 йилга мўлжалланган режасига кўра, 40 минг қочқинни жойлаштириш режалаштирилган. 

Аввалроқ, Канада бош вазири Жастин Трюдо, унинг мамлакати диний эътиқодидан қатъиназар барча қочқинларни қабул қилишдан хурсандлигини билдирган эди.