Россия Федерациясининг Қора денгизда жойлашган флоти кемаларидан бири Украина Ҳарбий-денгиз кучларининг Ан-26 русумли транспорт самолётини ўққа тутган. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги, Украина ҲҲК бош штаби, шунингдек, Украина президенти Петро Порошенконинг матбуот котиби Святослав Цеголко бир вақтда маълум қилди.

«Бугун Украинанинг денгиздаги иқтисодий ҳудудида машғулот учишини амалга ошираётган транспорт самолёти ўққа тутилди. Бу ҳақда Президентга Мудофаа вазири Степан Полторак ҳисобот берди», — дея ёзган Цеголко Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, ҳодиса Одесса яқинидаги газ шельефлари ҳудудида рўй берган.

Матбуот котиби самолёт экипажи бу ҳодиса оқибатида жабрланмаганини маълум қилган.