McLaren ва BMW компаниялари янги авлоддаги двигателни биргаликда ишлаб чиқишмоқчи. Британия маркаси матбуот хизматининг хабар беришича, фирмалар қувватни ошириш ва атроф-муҳитга зарарли моддаларни чиқаришни камайтириш борасида биргаликда ишлайди.

Маълум бўлишича, лойиҳага «Макларен» бошчилик қилади. Унда BMW’дан ташқари Ricardo (McLaren’нинг моторлар ишлаб чиқариш бўйича амалдаги шериги), Grainger ва Worrall (металл қуйиш технологиясига жавоб беришади), шунингдек композит материалларига ихтисослашган Lentus Composites фирмалари ҳам иштирок этади. Бундан ташқари, тадқиқот иши Британиянинг Бат университети томонидан олиб борилади.

Таъкидланишича, ишларнинг ярми Буюк Британия ҳукумати томонидан - Advanced Propulsion Centre (APC) илмий-тадқиқот ташкилоти томонидан молиялаштирилади. Autocar нашри маълумотига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 32,5 миллион еврони ташкил этади.

Қўшма ишдан кўзланган асосий мақсад ҳажмни оширмаган ҳолда двигатель қувватини кўпайтириш ва карбонат ангидрид чиқариб ташланиши даражасини камайтиришдан иборат. Бошқа сўз билан айтганда, компаниялар мотор ҳажмининг ҳар бир литридан ҳозирги кундагидан ҳам кўпроқ от кучини двигателлар экологик хавфсизлигига таъсир кўрсатмаган ҳолда “олишмоқчи”.

Тахминларга кўра, McLaren’нинг янги технологиялар бўйича ишлаб чиқилган мотори 2020 йилда пайдо бўлади. Марка бошқарувчиси Майк Флюиттнинг таъкидлашича, лойиҳа фирманинг Track22 бизнес-режаси бир қисмига айланади. Унинг асосий янгиликларидан бири эса - 650S суперкари янги нусхасидир. У 2017 йилнинг баҳоридаги Женева автосалони доирасида тақдим этилиши режалаштирилган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, янгиликка 720S номи берилади. Унга Monocage II углерод толали монококи асос қилиб олинади, модель оғирлиги эса аввалгиси билан солиштирганда 18 килограммга енгилроқ бўлади.