АҚШ президенти Дональд Трамп бир неча бор Владимир Путинга нисбатан яхши муносабатда эканини айтган бўлса-да, Американинг янги иттифоқчисига катта эҳтимол билан Россия эмас, балки Ҳиндистон айланади, деб хабар берди CNBC. Вашингтон Деҳлида Пекиннинг ортиб бораётган таъсирига “табиий қарши кучни” кўрмоқда ҳамда у Америкага Осиёдаги позицияларини сақлаб қолишга ёрдам беради, деб таъкидлашди экспертлар.

Дональд Трамп Оқ уй раҳбари сифатидаги илк кунларда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модига қўнғироқ қилди ҳамда у Америка янги президенти билан инаугурациядан сўнг мулоқот қилган илк хорижий давлат етакчиларидан бири бўлди. Кейинроқ Оқ уй Трамп ва Моди “АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида иқтисодиёт ҳамда мудофаа соҳалардаги шерикликни мустаҳкамлаш имкониятларини муҳокама қилишгани” ҳақида маълум қилди.

CNBC’нинг таъкидлашича, Деҳли ва Вашингтон ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланиши президент Барак Обама даврида ҳам режалаштирилганди. Унинг маъмурияти Ҳиндистонни “дунёдаги энг катта демократия” ҳамда “Хитойнинг ортиб бораётган таъсирига қарши куч” сифатида кўрган. Дональд Трампда эса бу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш имкони бор.
 
Экспертлар фикрича, Ҳиндистон Вашингтонга Хитойнинг Осиёдаги таъсирини камайтиришда, шунингдек АҚШга минтақадаги ўз позицияларини ушлаб туриши учун керак. Бу вазифа янги президентнинг Американи Транстинчокеани шериклигидан чиқариш ҳақидаги фармони билан ҳам тасдиқланди. Каналнинг таъкидалашича, бу ўзига Хитойни қўшмаган савдо келишуви келажакда АҚШга минтақада етакчиликни сақлаб қолишга ёрдам беради. Бироқ Пекин “бўш қолган жойни эгаллаши” аниқ.
 
“Кўплаб америкалик стратеглар Ҳиндистоннинг ривожланишида Хитойнинг таъсири доирасини табиий камайтиришни кўрмоқда ва бу АҚШ фойдасига ишлайди. Сўнгги 10 йилда америка сиёсати бу мантиққа асосланиб ҳаракат қилди ва Ҳиндистон билан муносабатларни мустаҳкамлаб борди. Америкаликлар ядро энергетикаси ва мудофаа қуролларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш бўйича жуда ҳам қулай шартлардаги ҳамкорликни таклиф қилди ҳамда бунинг эвазига деярли ҳеч нарса сўрамади”, - дейди Осиё бўйича мутахассис Саша Райзер-Коситски.
 
Бугун Трампнинг мусулмонларга нисбатан душман кайфиятидаги баёнотлари Ҳиндистонда кўпчиликни ташкил қилувчи ҳиндилар томонидан ижобий қабул қилинмоқда. Улар Покистон билан чегарада кўплаб терактларга дуч келган. Оқ уй эса бош вазир Моди билан суҳбат ҳақида баёнот берар экан, етакчилар “Жанубий ва Марказий Осиёдаги” масалаларни муҳокама қилишганини айтиб ўтди.
 
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Трамп ва Моди бир-бирлари ҳақида илиқ фикрлар билдиришдан чарчашмаяпти. Ҳиндистон инвесторлар учун ривожланаётган бозорлар катталиги бўйича иккинчи ўринда бўла туриб, узоқ йиллар давомида “Хитой сояси остида” қолиб кетди. Шунинг учун Деҳли ҳам ўз позициясини мустаҳкамлашга тайёр турибди.
 
Бироқ Трамп ва Моди муносабатларида муҳожирлик масаласи жиддий ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин. Сабаби ҳиндистонликлар америкалик фуқаролардан кўплаб иш жойини олиб қўяди, улар арзон ишчи кучи сифатида қабул қилинади. Трамп айнан америкаликлар учун иш ўринларини ҳимоя қилиш ҳақида анча кескин фикрлар билдирганди ва бу жараёнда ўзаро тушунмовчилик юзага келиши аниқ.