Оқ уй раҳбарияти ўз вакилларини CNN телеканали дастурларига юборишдан бош тортмоқда. У шу тариқа Америкадаги энг йирик телеканални ўз эфирида АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти овозидан маҳрум этаяпти, деб ёзади Politico.

«Биз вакилларимизни ўзимизнинг дастуримизни илгари суриш қулай бўлган жойга юбормоқдамиз», - дея маълум қилди Оқ уй амалдорларидан бири. Шу билан бир қаторда, унинг таъкидлашича, CNN телеканали бундай жой эмас экан.

Газетанинг таъкидлашича, президент маъмурияти вакиллари бунга қарамай ҳали-ҳамон телеканал мухбирлари саволларига жавоб беришмоқда.

Аввалроқ Дональд Трамп CNN телеканалини «ёлғон хабарлар» тарқатувчи оммавий ахборот воситаси деб атаганди.