АҚШнинг янги мудофаа вазири Жеймс Мэттис ўзининг биринчи хорижий сафарига жўнади. Бу сафар АҚШнинг Осиё-Тинч океанидаги икки асосий ҳамкори – Жанубий Корея ва Япония билан муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилади.

Пентагон матбуот-хизматига маълумотларига кўра, Мэттис 1 февралда Сеулга келади. У бу ерда Жанубий Корея миллий мудофаа вазири Хан Мин Гу билан учрашади. Жанубий Корея миллий мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, шунингдек, Мэттиснинг мамлакат президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Хван Гё Ан ва президент маъмурияти миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Ким Гван Чжин билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган.

Мэттис Сеулда 2 кун бўлади, сўнгра 3 февралда Токиога йўл олади. У кунчиқар мамлакатда япониялик ҳамкасби Томоми Инада билан учрашади.

Аввалроқ Пентагон расмий вакили Жефф Дэвис маълум қилганидек, "ушбу сафар орқали АҚШнинг Япония ва Жанубий Корея билан барқарор альянсга содиқлиги таъкидлаб ўтилади". "Бу сафарлар бизнинг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга имкон беради", деб таъкидлаб ўтди Дэвис. 

АҚШ президенти Дональд Трамп аввал АҚШнинг баъзи иттифоқдошлари АҚШнинг кўмагига ҳаддан зиёд ишониб юборишларини айтганди ва шу муносабат билан Япония ва Жанубий Кореяга ўзининг ядровий қуролини яратишга рухсат беришни таклиф қилган.