Россия Марказий банки – Россия банки – жорий йилнинг охирида муомалага чиқариладиган янги пуллар дизайнини аниқлаб олди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилмоқда. Янги купюралар 200 ва 2000 номиналга эга бўлади. 

«200 рубллик банкнотада Севастополь тимсоли туширилади. Унда чўкиб кетган кемаларга ўрнатилган ёдгорлик ва Херсонес кўриниши акс этади. 2000 рубллик қоғоз пулда Узоқ Шарқнинг машҳур жойлари — Владивосток кўприги ва Амур вилоятидаги Шарқий космодроми сурати акс этади», — дейилади хабарда. 

Банкноталар дизайни бўйича якуний қарор Бутунроссия танлови натижасида қабул қилинган. Танлов ўтган йилнинг июнь-октябрь ойларида бўлиб ўтган эди. Унда 5 мингдан ортиқ даъвогарлар қатнашган. 3 миллиондан ортиқ киши иштирок этган овоз бериш жараёнида Узоқ Шарқ ва Севастополь тимсоллари танланди. 

МБ раиси Эльвира Набиуллинанинг фикрича, янги пуллар фуқароларнинг маҳсулотлар ва хизматлар учун ҳақ тўлашини енгиллаштиради. 

Россия банки, сўнгги маротаба, 2009 йилда янги номиналдаги пулларни чиқарган эди. Ўшанда 10 рубллик тангалар муомалага киритилганди.