Сингапур суди саудиялик дипломатни маҳаллий меҳмонхона ходимасига жинсий тажовуз қилишда гумон қилмоқда. Бу ҳақда суд томонидан эълон қилинган баёнотда сўз юритилган. 

Ҳозирда, 39 ёшли Бандер Яҳё Ал Заҳроний 20 минг Сингапур доллари (14 минг АҚШ долларига яқин) гаров пули эвазига ҳибсдан озод этилган. Маҳаллий қонунчиликка кўра, дипломат 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши баробарида дарра уриш билан жазоланиши ҳам мумкин. 

Саудия Арабистонининг Пекиндаги элчихонаси ходими ҳисобланган эркак рафиқаси ва уч фарзанди билан Сингапурга таътилга келади. Тергов жараёни унинг таътил чоғида меҳмонхона ходимасига тегажоғлик қилганини аниқлаган. Суд маҳкамаси буни куч ишлатиш йўли билан жинсий тажовуз қилиш деб баҳолаган. Судланувчи ва ҳимоясининг уқдиришича, жабрланувчи ўзини ёмон ҳис қилган, дипломат эса, шунчаки ёрдам кўрсатган. Бироқ, ҳакам адвокатларнинг сўзини қабул қилмаган.