Шри-Ланкада республика президенти Майтрипал Сирисенанинг ўлимини бир неча бор башорат қилган мунажжим Вижит Рохама ҳибсга олинди, деб хабар берди Associated Press.

Хабарга кўра, Рохама Facebook’да ўзининг бир неча башоратларини эълон қилган бўлиб, уларда Сирисена 27 январга қадар вафот этишини айтган. Таъкидланишича, унинг баёнотлари мамлакат ҳукуматида жиддий ташвиш келтириб чиқарди.

Рохама ҳибсга олинди ва унга жамоатчиликни нотўғри маълумот билан таъминловчи сохта башоратлар қилиш айби қўйилди. Коломбо суди Рохамани маълум бир маблағ эвазига озодликка чиқарган.

Маълумот учун, Вижит Рохама — Ҳиндистон бош вазири Ражив Гандига 1987 йилда суиқасд уюштиришда айбланган собиқ денгизчи. У суиқасддан сўнг 2,5 йил давомида қамоқда сақланди. Рохама 2000-йилда Шри-Ланкадаги парламент сайловларида иштирок этган. Кейинчалик эса мунажжим сифатида ишлай бошлади.