Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги республикадаги табиий офат оқибатларини бартараф этишда хорижий ҳамкорлар ёрдам беришидан умид қилишини билдирди. Республика ТИВ баёнотида таъкидланишича, мамлакатдаги 2016-17 йилги куз-қиш мавсуми об-ҳавоси шароити аномал бўлган. 

"Бу давр мобайнида, Тожикистоннинг тоғли туманларида ёмғир ва қор кўринишида меъёрдагидан 140-170 фоиз кўп ёғингарчилик бўлган. Одатда, бундай метеорологик ва гидрологик ҳолатдан сўнг, сув билан боғлиқ табиий офатлар кузатилади. Бугунги кунда Тожикистондаги қор захиралари 168 фоизни, хусусан, Зарафшон дарёси ҳавзасида 322 фоизни, Вахшда 148 ва Панж дарёси ҳавзасида 156 фоизни ташкил этмоқда", - дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, тоғли туманлардаги кўплаб автойўллар ва аҳоли пунктлари кўчки, сув тошқинлари каби турли хил табиий офатлар хавфи остида қолади. Мамлакат Гидрометеомаркази тахминига кўра, февраль ойида ҳам меъёрдан ортиқ ёғингарчилик бўлиши кутилаяпти. Бу эса, куз-қиш мавсуми давомида табиий офатлар рўй бериши эҳтимолини кучайтиради. 

Тожикистоннинг шарқий ва шимолий ҳудудларида содир бўлган кўчкилар оқибатида инсонлар қурбон бўлгани ва инфратузилмаларга сезиларли зарар етгани хабар қилинмоқда. Ўнлаб аҳоли пунктларига бориб бўлмайди.