Бишкекдаги Манас аэропорти яқинида ҳалокатга учраган "Boeing-747" юк самолёти тегишли бўлган Туркиянинг ACT Airlines авиакомпанияси авиаҳалокат вақтида жабрланганларга моддий кўмак кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда авиакомпания бош директори Жалол Қорабош Қирғизистон бош вазири ўринбосари Муҳаммадқалим Абулғозиев билан учрашувда маълум қилди, деб хабар берди қирғиз ҳукумати матбуот хизмати.

"Туркия авиакомпанияси вакиллари моддий зарарни қоплаш, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга руҳий ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларни келажакда таълим олишлари ва бошқа сарф-харажатларда ўз кўмагини бериши ҳақида маълум қилди", - дейилади хабарда. Қорабошнинг таъкидлашича, ушбу Boeing авиаҳалокатга қадар Ҳонконг-Бишкек-Истанбул йўналиши бўйича бир неча рейсларни амалга оширган ҳамда ҳар гал Манасда "ёқилғи қуйиш ва экипажни алмаштириш" учун тўхтаб ўтган.

"Юз берган авиаҳалокат бўйича барча масалалар ҳукумат назоратида, жабрланганларга давлат томонидан керакли ёрдам кўрсатилмоқда. Эндиликда биз қўшма ҳаракатлар билан авиаҳалокат туфайли жабрланганлар муаммосини ҳал этишимиз лозим", - дея Абулғозиев сўзларини келтиради матбуот хизмати. Унинг таъкидлашича, ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг барчаси керакли тиббий ёрдам ва даволаш муолажаларини олмоқда, уй-жойсиз қолганлар эса вақтинча меҳмонхоналарга жойлаштирилган.

Маълумот учун, Boeing 747-400 самолёти 16 январь куни Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортининг учиш-қўниш қисмидан 1,5 км узоқликда ҳалокатга учраган. Самолёт аэропорт яқинидаги қишлоқ устига тушди. Бунинг оқибатида 32та уй вайрон бўлди, 4 экипаж аъзоси ҳамда 35 нафар маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлди. 

Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари Давлатлараро авиация қўмитаси бошчилигидаги халқаро комиссия томонидан олиб борилмоқда. Маълумотларга кўра, Boeing қулаш чоғида техник соз ҳолатда бўлган.