Ўзбек Миллий академик драма театрида мазкур жамоа тарихи ва ижод йўли, атоқли санъат намояндалари томонидан саҳналаштирилган ҳамда ижро этилган асарлар, амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳикоя қилувчи музей ташкил қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедов, Ўзбек Миллий академик драма театри директори Ф.Маъсудов ва бошқалар мамлакатимизда мустақиллик йилларида маданий-маърифий соҳада, жумладан, театр соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади. 

2014 йилда театрнинг юз йиллик юбилей тўйи нишонланди, ижодий жамоа вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Сўнгги йилларда саҳналаштирилган Ҳамид Олимжоннинг «Семурғ», Уйғун ва Иззат Султоннинг «Алишер Навоий», Иззат Султоннинг «Имон», Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек», Ўлмас Умарбековнинг «Кузги мактублар», Чингиз Айтматовнинг «Момо ер» каби асарлари томошабинлар томонидан юқори баҳоланди.

– Музейимиз қайтадан қисқа муддат – уч ой ичида ташкил қилинди, – дейди Ўзбек Миллий академик драма театри музейи директори Гулнора Содиқова. – Бу ерда 1914 йилдан бугунги кунга қадар театр ҳаётидан ҳикоя қилувчи фотоасарлар, турли ролларни талқин этган санъаткорлар образлари ўрин олган. Музейимиз бешта бўлимдан иборат бўлиб, йиллар кесимида тақсимланади. Келажакда экспонатлар сонини янада кўпайтириш, қўйиладиган асарлар кўламини кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Ўзбек Миллий академик драма театри музейидан театр фаолиятидаги унутилмас тарихий воқеаларни акс эттирувчи видеолавҳалар ҳам ўрин олган.