Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Бюроси таклифига кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Италиянинг Турин шаҳрида 2017 йил 23-27 январь кунлари “Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон мамлакатларининг давлат бандлик хизматлари салоҳиятини ривожлантириш” мавзусидаги ўқув-семинарда қатнашди. 

Ўқув-семинари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон мамлакатларининг уч томонлама ҳамкорлари, яъни ҳукуматлар, ходимлар ва иш берувчилар вакиллари учун ташкил этилди. 

Унда меҳнат муносабатлари соҳасида фаолият кўрсатаётган дунё миқёсидаги етакчи мутахассислар, хусусан, ХМТ Котибиятининг Меҳнат бозори ва бандлик масалалари бўйича Департамент мутахассиси Микаель Мвасикаката, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Бюросининг Ёшлар бандлиги масалалари бўйича координатори Михаил Пушкин, ўқув курси мувофиқлаштирувчиси Наима Пажес, Ўзбекистондаги Муносиб меҳнат мамлакат Дастури мувофиқлаштирувчиси Антон Хаузен, ХМТ экспертлари Йенс Сибберсен (Дания), Бёрн Халворсен (Норвегия), Юрий Герций (Россия), Клас Йоран Лок (Швеция) ўз тақдимотлари билан қатнашдилар. 

ХМТнинг Халқаро ўқув Маркази раҳбари ўринбосари Йорданка Цветкованинг таъкидлашича, Ўзбекистонлик уч томонлама ҳамкорлар вакиллари ўзларининг юқори даражадаги тайёргарлигини ва меҳнат бозори муаммоларини ҳал этишда ижодий ёндашувини намоён қилишди. 

Ўқув семинари жараёнида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон мамлакатларининг вакиллари меҳнат сохасидаги мавжуд муаммолар ва уларни халқаро тажриба асосида ҳал этиш йўллари тўғрисида фикр алмашдилар.

Семинар натижаларига кўра иштирокчиларга сертификатлар топширилди.