Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури амалга оширилиши доирасида 2016 йил мобайнида қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий база ташкил этиш ҳамда уни такомиллаштириш ишлари давом эттирилди, деб хабар берди Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги. 

Хусусан, қурилишнинг барча босқичларида тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари доирасида ягона қоида ва талаблар белгиланди, бино ва иншоотлар ташқи кўринишини ўзгартириш, объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга, шунингдек, турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказишга рухсат бериш талаблари жорий этилди. 

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва кичик корхоналар ташкил этиш мақсадида 2016 йил мобайнида кичик бизнес субъектларига 15,9 триллион сўмлик кредитлар ажратилди ва ўсиш 2015 йилга нисбатан 1,3 баробарни ташкил қилди. 

Жумладан, қиймати 3,3 триллион сўмлик микрокредитлар ажратилди, халқаро молия институтларининг 206,7 миллион доллар миқдоридаги кредит линиялари ўзлаштирилди. 

2016 йил мобайнида «Е-ижро» идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини фаол жорий этиш асосида тадбиркорлик субъектларига «Ягона дарча» марказлари орқали 100 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилди. 127 мингдан зиёд фирма номларига Интернет орқали буюртма берилди. 

Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда янада рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар 2016 йил мобайнида қарийб 32 минг янги кичик бизнес субъекти ташкил этиш имконини берди. 

Натижада, 2016 йил якуни билан ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес улуши 56,9 фоиз (2015 йилда бу кўрсаткич 56,5 фоиз бўлган), саноатда 45 фоиз (40,6 фоиз), инвестицияларда 40,3 фоиз (36,3 фоиз), қурилишда 70,7 фоиз (68,4 фоиз), чакана савдо айланмасида 89,6 фоиз (87,1 фоиз) ва бандликда 78,1 фоиз (77,9 фоиз) ошди.