Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган ривожланишнинг “ўзбек модели”га ва замонавий давлатчиликни ташкил этиш йўли ва стратегик тамойилларига содиқлик ва 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини комплекс амалга оширилиши ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоиз ўсишини таъминлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги хабар берди.

2016 йилда Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари (2015 йилга нисбатан фоиз ҳисобида) қуйидагича кўриниш олди: ялпи ички маҳсулот 107,8 фоиз, саноат (қурилиш билан) 106,6, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 106,6, жами хизматлар 112,5, чакана савдо айланмаси 114,4, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 109,6 фоизга ўсди.

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий салдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва 5,7 фоизни ташкил қилган инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий барқарорликни сақлаш орқали эришилди. Саноат ҳажми 6,6 фоиз, пудрат қурилиш ишлари 12,5 фоиз, чакана савдо айланмаси 14,4 фоиз, хизматлар 12,5 фоиз ўсди.

Иқтисодиётга 16,6 миллиард АҚШ долларидан кўп инвестиция қилинди, ёки 2015 йилга нисбатан 9,6 фоизга кўпдир. Ўзлаштирилган чет эл инвестиция ва кредитлар ҳажми эса 11,3 фоизга ўсиб, 3,7 миллиард доллардан кўп бўлди.

2016 йилда Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 5,2 миллиард долларлик 164 йирик ишлаб чиқариш объекти ишга туширилди. 

Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурлари доирасида 2016 йилда 28 мингдан кўп лойиҳа амалга оширилди. 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар томонидан саноат маҳсулотларининг 80 дан ортиқ янги тури ўзлаштирилди.

2016 йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида қиймати 6145,8 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва ўсиш 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробарни, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 2,1 миллиард долларни ташкил қилди. 

2016 йилда маҳаллий хомашё ресурсларини босқичма-босқич чуқур қайта ишлаш ва тайёр истеъмол маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш тармоқлари эвазига саноат маҳсулотларининг юқори ўсиш суръатларига эришилди. Хусусан, тўқимачилик буюмлари, кийим ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш 111,7 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари 110,8 фоиз, фармацевтика маҳсулот ва препаратлари 123,9 фоиз, кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмлари 129,7 фоиз, бошқа норуда менерал маҳсулотлар 113,8 фоизга ошди. Саноатни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш лойиҳалари, шунингдек, 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши натижасида республика ЯИМга энергия сарфини 7,4 фоизга, ҳамда йирик корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини эса ўтган йилга нисбатан ўртача 10,6 фоиз камайтиришга эришилди.