Январь ойи АҚШ доллари учун сўнгги 30 йилдаги энг омадсиз давр бўлди: доллар бу вақт ичида асосий валюталар орасида 2,6 фоизини йўқотди. Бу ҳукумат тепасига келган Дональд Трампнинг нисбатан протекцион сиёсатидан хавфсираш билан изоҳланмоқда. InsiderPro шу ҳақида мақола тақдим этди. 

Сешанба куни Трампнинг савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси Питер Наварро евро "етарлича қадрланмаган" деганидан кейин хавф кескин кучайди. Шундан сўнг евро декабрь ойидан буён биринчи марта 1,08 доллар кўрсаткичидан ошди, доллар индекси эса деярли 1 фоизга - етти ҳафта минимумига пасайди.

Трампнинг ўзи бу борада шундай деди:

"Бошқа барча мамлакатлар девальвацияда яшайди. Хитой нима қилаётганини кўринг, Япония йиллаб нималар  қилаётганини кўринг - улар валюта бозорида, бозор девальвациясида "ўйин қилишади", биз эса аҳмоқлар тўдаси каби қўл қовуштириб ўтирамиз". 

"Ҳозирча у белгиланган аниқ сиёсатини юритмоқда, бироқ президент томонидан ҳеч ким кутмаган қарорлар қабул қилиниши борасида хавотирлар юзага келиши мумкин. Шунинг учун муайян қўрқув мавжуд", - деди Commerzbank'дан Эстер Рай­хельт.

Президент томонидан ваъда берилган молиявий имтиёзлар атрофидаги ноаниқлик - йил бошидан бери долларга босим ўтказаётган яна бир омил. 

9:38га қадар доллар индекси 99,46 кўрсаткичини қайд этган, евро эса 1,0792 доллар даражасидан бироз пастроқ нархда кескин ўзгаришларсиз савдо қилинаётганди.