Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига (ЎзМТРК) янги раҳбар тайинланди. Ўзбекистон президенти қарорига биноан Хуршид Мирзоҳидов Мирсобирович телевидениенинг янги раиси сифатида тайинланган.

У Алишер Хўжаевнинг ўрнини эгаллади. 

Хуршид Мирзоҳидов 1971 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1995 йилда Тошкент электротехника алоқа институтини тамомлаган. Мутахассислиги радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение муҳандиси. 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг олий бизнес мактабини бизнесни бошқариш магистри унвони билан тамомлаган. 

У 2002-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Алоқа ва ахборот технологиялари комплекси раҳбари котибиятининг мудири сифатида ишлаган. 2003-2004 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ўринбосари лавозимини эгаллаган. 2004 йилнинг сентябридан декабрига қадар “Ўзбектелеком” АК Бош директори ўринбосари, 2004 йилдан 2006 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири, 2006 йилдан 2009 йилгача “Ўзпроммашимпекс” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси сифатида фаолият кўрсатган. 2009-2010 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари бўлган.

Мирзоҳидов 2010 йил ноябрдан 2012 йил февраль ойига қадар Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, 2012 йил февралдан октябрь ойига қадар Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори лавозимларида ишлаган. 2012 йил октябрь ойидан 2015 йил февралга қадар Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси, 2015 йил февраль ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири. Хуршид Мирзоҳидов оилали, икки ўғил ва бир қизнинг отаси.

Алишер Хўжаев 1963 йили Тошкент вилоятида таваллуд топган бўлиб, 1985 йили Самарқанд давлат университетини физика ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган. У қарийб 12 йил ЎзМТРКга раислик қилди.

Хўжаев 1985—1993 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги илмий-текшириш институтлари, ишлаб чиқариш бирлашмаларида фаолият олиб борган. 1993—1996 йилларда NKK фирмасида тизим муҳандиси бўлиб ишлаган. Алишер Хўжаев 1996 йилдан раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борган. Жумладан, 1998 йилга қадар «КомУзАзия» компаниясида, 1998—2001 йилларда эса UzPAK компаниясида бош директор лавозимида меҳнат қилган. 2001—2002 йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, 2002—2005 йилларда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ҳозирги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги)нинг раҳбари ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.

Алишер Хўжаев 2005 йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон Телерадиокомпанияси раиси этиб тайинланган эди. У 11 йил 9 ой давомида ЎзМТРКга раҳбарлик қилди.