Андижон  Республикамизда аҳоли зич истиқомат қиладиган вилоятлардан бири. Маълумки, ҳудудаги  аҳолининг кўплиги ва уларнинг ўз хизмат вазифаси ва юмушларини бажариши,  умуман олганда “А” нуқтадан “Б” нуқтага ўз вақтида етиб боришлари  учун транспорт хизмати кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳри ичида Damas русумидаги автомашиналарига йўловчи ташиш бўйича чеклов қўйилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалгани ҳақидаги хабарлардан сўнг масалага ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz’нинг Андижондаги мухбири Автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг Андижон ҳудудий бўлими раҳбари Муроджон  Ҳайдаровга юқоридаги савол билан мурожаат қилди. 

“Вилоятимизда аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатувчи 175 та корхона фаолият кўрсатади. Улар таркибида олти ярим мингга яқин  Damas транспорт воситалари мавжуд. Ушбу корхоналарда инсонларни узоғини яқин қилиш учун хизмат кўрсатаётган ҳайдовчилар ҳар куни тонгда тиббий кўрикдан ва йўриқномадан ўтиб, ўз йўналишларида аҳолига намунали хизмат кўрсатиш учун йўлга чиқадилар. Уларга йўловчилар билан муомала маданияти ҳақида алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилиб, йўл кира нархи аниқ белгилаб берилган.                

Вилоятда аҳолига транспорт хизматини намунали ташкил этиш мақсадида тегишли идоралар мутасаддиларидан алоҳида гуруҳ ташкил этилган бўлиб, ушбу гуруҳ ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар билан алоҳида иш олиб бормоқда ва уларга қонун доирасида чора кўрилаётир. Ахир аҳоли ташишга рухсатномаси йўқ бўлган ҳайдовчи ҳоҳлаган йўналишида ўзига маъқул келган йўл кира нархини қўйиб фаолият юритиши мумкин эмас-ку? Жамоат транспорти тартибли бўлиши керак. Тўғри келган жойда тўхтаб, қонуний фаолият юритаётган транспорт воситаларига ҳалақит бермаслиги лозим. Айни пайтда ҳудудимиздаги йўналишларда қонуний фаолият юритаётган Damas  транспорт воситаларига йўловчи ташиш учун ҳеч қандай таъқиқ йўқ”, деди Муроджон  Ҳайдаров.        

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтмоқчимиз, вилоятда аҳолига транспорт хизматини янада такомиллаштириш мақсадида   2017—2021 йилларда Андижон шаҳрига 319 та автобус, 490 та микроавтобус келтирилади. 2018 йилнинг биринчи ярмигача бўлган муддатда йўловчилар ташиш транспортида йўлкира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизими босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган.