Англия премьер-лигасининг 23-туридан ўрин олган яна бир учрашувда «Вест Ҳэм» «Манчестер Сити»ни қабул қилди.

Бир ой муқаддам Англия кубогида жамоалар Лондонда учрашишган ва унда Гвардиола шогирдлари 5:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу сафар ҳам «Сити» меҳмонда ўйнашига қарамай рақибни йирик ҳисобда таслим этди.

Аввалига Кевин де Брюйне «Сити» дебютанти Габриэл Жезуснинг тўп узатишидан сўнг ҳисобни очди. 21-дақиқада Лерой Саненинг ажойиб юришидан сўнг етказиб берилган тўпни Давид Сильва дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Биринчи голга ассистенлик қилган Габриэл Жезус асосий таркибдаги дебютида гол уришга ҳам муваффақ бўлди. Раҳим Стерлинг томонидан етказиб берилган тўпни бразилиялик 19 ёшли футболчи қийинчиликсиз Рэндолф дарвозасига йўллади.

Иккинчи бўлимда Раҳим Стерлингга ишлатилган қўполликдан кейин белгиланган пенальтини Яҳё Туре аниқ амалга ошириб ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди. 4:0 — «Манчестер Сити»нинг навбатдаги йирик ҳисобдаги ғалабаси.

Ушбу ғалабадан кейин «Манчестер Сити» ҳисобидаги очколар сони 46тага етди ва жамоа «Ливерпуль» билан бир хил очко тўплаган ҳолда 4-5 ўринларни бўлишиб турибди. «Вест Ҳэм» ҳисобида эса 28 очко бор ва жамоа 11-поғонада бормоқда.

Англия премьер-лигаси, 23-тур

Вест Ҳэм – Манчестер Сити 0:4 (0:3)
Голлар:
де Брюйне (17), Сильва (21), Габриэл Жезус (39), Туре (67, пенальти).
Вест Ҳэм: Рэндолф, Рид, Крессуэлл, Байрэм, Фонте, Обианг (Снодграсс, 64), Нобл, Лансини, Антонио, Фегули (Фернандеш, 64), Кэрролл (Флетчер, 79).
Манчестер Сити: Кабальеро, Отаменди, Коларов, Санья, Стоунз, Туре, Сильва (Делф, 80), де Брюйне (Фернандиньо, 67), Стерлинг (Агуэро, 73), Сане, Габриэл Жезус.
Огоҳлантиришлар: Обианг (19), Габриэл Жезус (19), Лансини (24), де Брюйне (44), Стерлинг (60), Кэрролл (71).